Урганчда 2014 йил декабрига қадар янги троллейбус йўналиши қурилади, июль ойига қадар эса 10 та трансформатор подстанциялари таъмирдан чиқарилиши керак, деб хабар бермоқда Anhor.uz.
Ушбу тадбирларнинг муддати Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 28 майда қабул қилинган «Минтақавий аҳамиятдаги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш – ‘йўл харитаси’ дастурларини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Урганчда янги троллейбус линиясини қуриш Ўзбекистон Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги қарорида кўзда тутилган эди. 2010 йилда Тошкент шаҳри, Жиззах ва Наманган вилоятларида троллейбус йўналишлари ёпилганидан сўнг Урганчни Хива билан боғловчи троллейбус қатнови ҳозирда Ўзбекистонда ягона бўлиб турибди.
Урганчда қуриладиган янги троллейбус линияси шаҳарни Хива билан боғловчи йўналишдан фарқли равишда, фақат Урганч ичида ҳаракатланади. «Кун»нинг қайд этишича, 2013 йилда шаҳар троллейбус парки Чехияда ишлаб чиқарилган замонавий машиналар билан тўлдирилган эди.
Изоҳ (0)