Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан пойтахтнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида «Касаба уюшмалари – болаларга» деб номланган ижтимоий акция ўтказилди. Унда соҳа мутахассислари, педагоглар, тарбиячилар, меҳрибонлик ва мурувват уйлари тарбияланувчилари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Касаба уюшмалари – болаларга» ижтимоий акциясида кам таъминланган, алоҳида эҳтиёжли болалар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари қамраб олинди. Тадбирда меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчиларига, кам таъминланган оилалар фарзандларига, иқтидорли ўғил-қизларга соғломлаштириш оромгоҳларига бепул йўлланмалар, мурувват ва меҳрибонлик уйларига компьютер жамланмалари топширилди.
– Муассасамизда 3 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар тарбияланмоқда, – дейди Олмазор туманидаги 24-меҳрибонлик уйи директори Бахтиёр Қўчқоров. – Ёзги мавсумда болажонларни оромгоҳларга тўлиқ қамраб олишга ҳаракат қиляпмиз. Бу уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ўқишга бўлган қизиқиши ва интилишини янада кучайтиришда муҳим омилдир. Бугунги акцияда ўғил-қизларни Бўстонлиқ туманидаги «Ёшлик» оромгоҳида соғломлаштириш учун йўлланмалар олдик.
Мазкур акция Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги болаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 560 бола учун Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилди. 7 минг ўғил-қиз музейлар, Республика қўғирчоқ театри, маданият ва истироҳат боғларида мароқли ҳордиқ чиқарди. Маданият муассасаларида фаолият юритаётган болалар жамоалари иштирокида «Истиқлол ғунчалари» кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилди.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида тизим таркибидаги барча санаторийлар, сиҳатгоҳларда «Болалар хонаси», махсус майдончалар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Изоҳ (0)