Супер оғир вазн тоифаси бўйича собиқ жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев менежери Тимур Дугазаевнинг хабар беришича, 7 июнь куни Чеченистонда ўтказилиши режалаштирилган жанг 6 июль кунига қолдирилган, деб ёзади Allboxing сайти.
Русланнинг навбатдаги рақиби америкалик Фрес Окендо бўлиб, боксчилар вакант қолган WBA йўналиши олтин камари учун жанг қилишлари керак эди.
«Беллашув кунининг кўчирилиши, маълум сабабларга кўра ҳал қилинди. Боксчилар яхшироқ тайёргарлик кўришлари учун кўпроқ вақт талаб этилади ва улар мўтадил иқлим шароитида бўлиши керак. 6 июль бизга ҳар жиҳатдан мос келди. Сабаби, шу куни жангни трансляция қиладиган телеканал ҳам бўш бўлади. Бундан ташқари, футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида ўтказиладиган ўйинлар ҳам 6 июль куни бўлмайди. Шунда ҳар иккала спорт тури ихлосмандларининг қизиқишлари инобатга олинади. Ишончимиз комил, ушбу шоу фақатгина тайёргарлик учун қўшимча вақт ютади», – дейди Дугазаев.
Эслатиб ўтамиз, жанг Грозний шаҳридаги 30 минг томошабинга мўлжалланган Ахмат-Аренада бўлиб ўтади. Бокс кечасига машҳур юлдузлардан: Леннокс Люис, Эвандер Холифилд ва Девид Хейнинг ташрифлари кутилмоқда. Ринг анонсери (бошловчи) сифатида эса Майкл Баффер ташриф буюради.
Изоҳ (0)