Наманган шаҳрида «Баркамол авлод—2014» спорт ўйинларининг финал босқичи якунланди, деб хабар бермоқда ЎзА.
«Навбаҳор» стадиони узра 29—31 май кунлари академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг «Баркамол авлод—2014» спорт мусобақалари машъаласи порлаб турди.
Ёш спортчи ва санъаткорлар ижросидаги мазкур спорт форумига бағишланган вокал-хореографик композиция билан «Баркамол авлод—2014» спорт мусобақаларининг тантанали ёпилиш маросими бошланди. Йигирма мингдан зиёд томошабин олқишлари остида майдонга мусобақа иштирокчилари — Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари кириб келди.
Бир неча кун мобайнида қизғин давом этган мусобақалар ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди.
Мусобақада энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси юксак мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Баркамол авлод—2014» спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – Damas автомобили билан тақдирланди.
Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Наманган ва учинчи поғонадан жой олган Самарқанд вилоятлари жамоаларига Президент совғаси – Damas автомобиллари топширилди.
– Спорт ва дўстлик байрами – «Баркамол авлод—2014» беллашувлари рекордлар ва унутилмас воқеаларга бой бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти терма жамоаси аъзоси, 400 ва 800 метрга югуриш бўйича иккита олтин медаль соҳиби Азизбек Самадов. – Ушбу мусобақалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида спорт изчил ривожланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди.
Спортнинг 16 тури – баскетбол, волейбол, футбол, гандбол, шахмат, оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо WTF, эркин ва юнон-рум кураши, сузиш, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, бадиий гимнастика бўйича беллашувларда 996 нафар лицей ва коллеж ўқувчиси иштирок этди. Спортчилар 652 олтин, кумуш ва бронза медаль учун баҳс олиб борди.
Мусобақаларнинг ёпилиш маросимида «Баркамол авлод—2014» спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Уни наманганлик ёш спортчилар академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг навбатдаги финал мусобақасига мезбонлик қиладиган Жиззах вилояти вакилларига топширди.
– Навбатдаги «Баркамол авлод» мусобақасининг финал босқичи Жиззах вилоятида ўтказилиши биз учун юксак шарафдир, – дейди Жиззах олимпия захиралари коллежи сузиш бўйича мураббийси Ғайрат Усмонов. – Уч босқичли узлуксиз спорт тизимининг ўрта бўғини мусобақалари бизнинг вилоятимизда ҳам юксак савияда ўтишига ишонамиз.
«Баркамол авлод—2014» ўйинларининг ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.
Изоҳ (0)