Малайзия ҳукумати 2014 йил мартида йўқолган Boeing 777 самолётининг ҳаракат йўналиши тўғрисидаги сунъий йўлдош маълумотларини эълон қилди. Бу ҳақда Малайзия фуқаро авиацияси бошқармасига асосланиб, Agence France-Presse хабар бермоқда.
«Кун»нинг қайд этишича, ушбу маълумотларнинг чоп этилишини йўқолган самолётдаги йўловчиларнинг қариндошлари талаб қилган эди.
BBC News’нинг ёзишича, 47 саҳифадан иборат ҳужжатда самолётнинг сунъий йўлдош билан алоқаси соатма-соат қайд этилган бўлиб, айнан шу маълумотларга асосланиб, терговчилар лайнер ўз парвозини Австралия қирғоқлари яқинида тўхтатган, деган хулосага келган эди.
Malaysia Airlines’нинг Куала-Лумпурдан Пекинга учиб кетаётган Boeing 777 самолёти 8 мартга ўтар кечаси радарлардан йўқолиб қолган эди. Кема бортида 239 киши бўлган.
Ҳозирги вақтда кемани излаш ишлари Австралия қирғоқлари яқинида олиб борилмоқда. Айни пайтда Австралия ҳукумати янги, чуқур сувларда излаш ишларини олиб боришга тайёргарлик кўрмоқда.
Изоҳ (0)