Тошкент метрополитенти бекатларига тижорий ташқи реклама жойлаштириш ишлари бошланди. Айни вақтда, метрополитен вагонларида рекламалар йўқ, деб ёзади «Кун».
Хусусан, метрополитен «Чилонзор» йўлининг «Пахтакор» бекатидан «Ўзбекистон» йўлининг «Алишер Навоий» бекатига ўтиш жойидаги ичи ёритиладиган устунларга тижорий реклама баннерлари жойлаштирилган.
Бир ҳафта аввал бир қисм устунларга Hydrolife ва Geomineral ичимлик сувларининг реклама баннерлари жойлаштирилган бўлса, 25 майга ўтар кечаси бўш қолган бошқа устунларга Dena шарбатларининг рекламаси жойлаштирилаётган эди.
Қайд этиш жоиз, 2011 йил апрелидан бошлаб Тошкент метрополитенидан барча реклама баннерлари ва эълонлари олиб ташланган, уларнинг ўрнига йўловчиларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи шиорлар ўрнатиб чиқилган эди.
2013 йил ноябрида Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича батальони бошлиғи, подполковник Руслан Ирназаров ушбу ҳолатга изоҳ бериб, рекламалар йўловчиларнинг диққатини чалғитишини айтиб ўтган эди.
«Йўловчи рекламага қараб туриб, ён-атрофида кимдир қолдириб кетган сумкани кўрмаслиги ёки бошқа йўловчиларнинг ўзини ғалати тутаётганига эътибор бермаслиги мумкин. Шунинг учун фуқароларни огоҳликка, ҳушёрликка чақириш, уларнинг хавфсизлиги кўп ҳолларда ўзларига боғлиқлигини эслатиш мақсадида метроларда рекламалар олиб ташланди», — дейди подполковник.
Изоҳ (0)