Хитойнинг Шанси провинцияси Сиан шаҳрида 23 май куни Халқаро саноат ярмаркаси очилди. Унда Ўзбекистоннинг бир гуруҳ ишбилармонлари ҳам иштирок этмоқда, деб хабар берди ЎзА.
Халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида илк бор ташкил этилган мазкур саноат ярмаркасида Канада, Германия, Италия, Испания, Ўзбекистон, Австрия, Венгрия, Кипр, Австралия, Филиппин, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Иордания, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон каби 35 мамлакатдан компания ва концернлар, саноат корхоналари ва савдо ташкилотлари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Сиан шаҳрининг Чюцзан халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган ушбу нуфузли ярмаркада Ўзбекистон маҳсулотлари ўзига хос дизайни, рақобатбардошлиги ва кенг ассортименти билан ажралиб турибди.
Халқаро ярмаркада Ўзбекистоннинг машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ва картон-қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мебелсозлик, кўнчилик, кимё саноати, сармоя ва меҳмонхона хўжалиги каби тармоқларда фаолият юритаётган 70 дан ортиқ компания ва корхоналари иштирок этмоқда. «Ягона Ҳамкор Нури», «Мумтоз Люкс Текстил», «Фабрика Намуна», «Покизахон», «Шукур Тожи Барака», «Нукус Агро», «Фарғона Кимё Заводи», «Саховат-Текс», «Хоразм Гиламлари», «Киндер Фруиц», «НБУ Инвест Group», «Қува Қандолатлари», «Водий Музқаймоғи», «Андбурсервис», «Истиқлол Саноат Медсервис» каби саноат муассасалари шулар жумласидандир.
– Корхонамиз мамлакатимизда етиштириладиган турли ўсимликлардан, ёнғоқ, узум, ўрик ва бодом данакларидан ёғ ишлаб чиқаради, – дейди «Шукур Тожи Барака» хусусий корхонаси директорининг ўринбосари Неъматилла Каримов. – Ҳеч қандай кимёвий воситаларсиз тайёрланадиган, юқори сифатли маҳсулотларимиз хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мазкур ярмаркада ҳамкорлар топиб, ўз маҳсулотимизни чет элга экспорт қилиш ниятидамиз. Келгусида маҳсулотларимиз турини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Хусусан, тиббиёт, пардоз-андоз ва қандолатчилик йўналишларида ишлатиладиган махсус кукунлар ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз.
Ярмаркада чет эллик ишбилармонларга Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ҳақида маълумот берилмоқда.
– Ўзбекистоннинг саноат соҳасидаги улкан салоҳияти билан яқиндан танишдим, – дейди Хитойнинг Сзяоцзо шаҳри савдо ташкилоти раисининг ўринбосари Фу Шиао Вен. – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юксак сифати, ўзига хос дизайни ва халқаро андозаларга тўла мослиги билан бизга жуда манзур бўлди. Айниқса, «МММ» хусусий корхонасида тайёрланган гиламлар ҳавасимни тортди. Тўғрисини айцам, мўйна ва чармдан ишланган бундай гўзал гиламларни аввал учратмаган эдим. Ушбу корхона билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.
Халқаро саноат ярмаркаси 26 майга қадар давом этади.
Изоҳ (0)