2011 йилда Франциянинг Дордон департаменти Бош кенгаши Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ўртасида Маданий ҳамкорлик тўғрисида Конвенция имзоланган эди. Конвенцияга мувофиқ, Оқсарой ёдгорлигининг сақланиб қолган тарихий фавворалари ўрнидаги мозаикаларни консервациялаш ва музейлаштириш ишлари олиб борилди. 4 май куни ушбу тадбирнинг биринчи босқичи якунланди. Оқсаройнинг кўрку тароватига ҳеч таъсир этмаган ҳолда ана шу мозаикалар қайта тикланиб, шинамгина музей биноси қад кўтарди, деб хабар беради «Қашқадарё» газетаси.
Шу воқеа муносабати билан ўтказилган тантанали маросимга Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Жак Анри Элс, Дордон департаменти вакиллари, франсиялик тадқиқотчи олимлар ва мутахассислардан иборат делегация ташриф буюрди.
Меҳмонлар мўъжаз музейга ташриф буюриб, ундан жой олган мозаикалар, Франциянинг шу соҳага ихтисослашган машҳур сураткаши Франсуа Пошнинг Оқсарой мозаикалари тасвирланган фотосуратлар кўргазмасини томоша қилди.
— Оқсарой пойида жуда ажойиб, хайрли иш амалга оширилганини алоҳида таъкидламоқчиман,— деди маросимда сўз олган Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жак Анри Элс. — Соҳибқирон Амир Темур қурдирган Оқсарой ҳамон халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда қатнашган ва тажрибаларини оширган ўзбек мутахассислари бундай ишларни кенг кўламда давом эттиришларига ишонаман. Ҳар иккала мамлакат мутахассисларига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Дордон департаменти вице-президентининг ўринбосари Яннек Надал ўз сўзида археолог, реставратор ва бошқа мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги шундай самара берганлигидан бениҳоя хурсандлигини таъкидлар экан, ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил давом этишини билдирди.
Изоҳ (0)