Тошкентнинг йўл-патрул хизмати ходимлари мотоциклда ҳаракатланиш учун махсус форма билан таъминланган бўлиши мумкин. Бунга Facebook’даги «Водители Ташкента» («Тошкент ҳайдовчилари») гуруҳига жойланган фотосурат гувоҳлик бермоқда.
Унда «ЙПХ» ёзуви туширилган мотоцикл ёнида бошдан-оёқ чарм кийимларга бурканган ва хавфсизлик шлемини ушлаб турган милиция ходимини кўриш мумкин. Чарм куртка елкасида погон ва милиция белгиси бор.
Ушбу форма чиндан ҳам мотоциклда ҳаракатланувчи милиционерларга берилиши ҳақида расмий маълумот йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот бермаган.
Бундан аввал интернет тармоғида мотоцикл миниб юрган Тошкент милиционерлари акс этган суратлар тарқалиб кетган эди. Уларда одатий формадаги милиционернинг транспорт воситасини махсус шлемсиз бошқараётганини кўриш мумкин.