Аввалроқ Ўзбекистонда доллар курси кескин кўтарилгани ҳақида хабар берилган эди. 2020 йил апрель ойидан бери биринчи марта доллар курси бир кунда 100 сўмдан кўпроқ ошди. Банклар долларни 11 385 сўмдан сотишни бошлади.
Йил бошидан буён сўм 2,9 фоизга қадрсизланган. Бу сезиларли кўрсаткич — бутун 2021 йилда сўм жами 3,4 фоизга қадрсизланган эди.
Ўзбекистонда доллар курсини ким ва қандай белгилайди?
1997 йилдан 2017 йилларгача Ўзбекистонда расмий валюта курси сунъий белгиланар эди – бу импортни субсидиялашда экспорт тармоқларига (асосан пахта ва олтин) солиқ солиш учун амалга ошириларди.
Бунга параллел равишда «бозор курси» мавжуд эди. Мазкур курс асл ҳолатни акс эттирган ва шу сабабли расмий курсдан икки баравар кўп бўлган.
2017 йилнинг кузидан бери расмий курс ҳам бозор асосида белгилана бошланди. Ўшандан бери Ўзбекистонда доллар курси талаб ва таклиф ҳажмига, шунингдек, жаҳондаги, хусусан, асосий савдо ҳамкорлардаги (Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон) вазиятга боғлиқ.
Талаб
Валютага талаб — бу компаниялар ва аҳолига керакли бўлган доллар миқдори. Компаниялар асосан Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган технологиялар ва маҳсулотлар импорти учун доллар сотиб олади:
Аҳоли эса одатда пул жамғариб қўйиш, йирик харидларни (масалан, уйлар кўпинча долларда сотилади) амалга ошириш учун валюта сотиб олади. Аввалги йилларда талаб қандай шаклланган эди:
Таклиф
Валютанинг таклифи бу компаниялар, аҳоли, банклар, Молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қанча доллар сотганидир:
Бозорнинг муҳим қисми — меҳнат мигрантлари томонидан амалга ошириладиган халқаро ўтказмалар. Улар Ўзбекистондаги хорижий валютага бўлган талабни қондиришга имкон беради.
Масалан, 2021 йилда Ўзбекистонга 8,1 млрд доллар ўтказилган. Бу пулларнинг бир қисмини ўзбекистонликлар банкларга сотади, улар эса ўз навбатида уларни бозорга олиб чиқишади.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда доллар курсига импорт, экспорт, шунингдек, халқаро ўтказмалар кўрсаткичлари ўз таъсирини кўрсатади.
Доллар ҳозир нима учун ўсмоқда?
Талаб ҳажми таклиф ҳажмидан ортиб боргани учун доллар кўтарилмоқда. Бундай вазият биринчи марта эмас. Яққол мисол — 2019 йилнинг август ойи. Ўшанда сўм шунчалик қадрсизланиб кетган эдики, Марказий банк нақд валютани сотиб олишга рухсат берган эди.
2022 йил бошидан бери валюта бозоридаги вазият барқарор бўлиб келган эди – доллар курси ошган бўлса ҳам, бу унчалик кескин бўлмаган. Бироқ барчаси февраль ойи охирида Украина ва Россия ўртасида уруш бошлангандан кейин ўзгарди.
Давлат статистика қўмитаси ва Марказий банк февраль ёки март ойи (уруш бошланган кейин) учун маълумотларни ҳали тақдим қилмади.
Аммо олдин доллар курсининг Ўзбекистонда қандай ўзгаргани ҳисобга олинадиган бўлса, уруш бошланиши сабаб мигрантлар, экспорт ва бошқа манбалардан валюта тушумлари ҳажми қисқарган бўлиш керак эди.
Экспорт ва импорт Украина билан савдо алоқалари деярли тўлиқ тўхтагани, Россия билан савдо-сотиқ эса қийинлашгани боис тушиб кетган бўлиш керак эди. Бу Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талабнинг қисқаришига олиб келади.
Бундан ташқари, уруш логистика ва таъминот занжирига салбий таъсир кўрсатиб, натижада, маҳсулотлар ушланиб қолади ёки ярим йўлда қолиб кетади.
Рубль қадрсизланиши оқибатида мигрантлар энди долларда камроқ пул топаётгани сабаб, Ўзбекистонга амалга ошириладиган пул ўтказмалари қисқаргани бўлиш керак эди.
Рубль, тенге ёки лира қадрсизланиши одатда сўмнинг ушбу валюталарига нисбатан реал алмашув курснинг мустаҳкамланишига олиб келади. Бу, ўз навбатида, ўзбек экспортчиларининг рақобатбардошлиги пасайиб, талаб ва таклифнинг ўзгаришига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам яқинда валюта олиб чиқишга чекловларини жорий қилди. Иккала мамлакат ҳам Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидир, шундай экан бу бозорда доллар таклифнинг қисқаришига олиб келиши керак эди.
Шундай қилиб:
- рубль ва бошқа валюталарнинг кескин қадрсизланиши маҳаллий экспортчилар маҳсулотлари нархини янада оширади ва уларнинг валюта тушумларини камайтиради;
- ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларнинг нарх-наво рақобатбардошлиги хорижда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан пасаяди. Бу эса ушбу мамлакатлар импортини рағбатлантиради ҳамда валютага бўлган қўшимча талабни яратади;
- жисмоний шахсларнинг халқаро пул ўтказмаларининг асосий оқимини ташкил этувчи бошқа мамлакатлар валютаси ва рублнинг қадрсизланиши ушбу ўтказмалар ҳажмининг қисқаришига олиб келади.
Буларнинг барчаси сўмнинг бошқа валюталарга, шу жумладан АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишига олиб келди:
Энди нима бўлади?
Сўм қадрсизланиши биринчи марта эмас. Ўтган йилларда ушбу жараён ташқи омилларнинг таъсирини ёпди ва миллий иқтисодиётнинг ўзгарувчан ташқи шароитларга мослашишига ёрдам берган эди.
Хусусан, экспорт ва халқаро пул ўтказмалари бўйича валюта тушуми ҳажмининг қисқариши хавфи уларнинг сўм эквивалентини ошириш ҳисобига маълум даражада камаяди.
Сўм девальвацияси нархлар даражасига маълум маънода таъсир кўрсатади. Марказий банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир фоизлик қадрсизланиш йиллик инфляциянинг 0,2 фоиз пунктга тезлашишига олиб келади. Содда қилиб айтганда, нархлар ошади.
Ўтган йилларда ташқи омиллар таъсирини камайтириш учун, Марказий банк пул-кредит сиёсатига ўзгартиришлар киритган эди.
Марказий банк бошқарувининг энг яқин йиғилиши 17 март куни бўлиб ўтади, шунда аниқ қайси чоралар қўлланилиши маълум бўлади.
Изоҳ (0)