Давлат солиқ қўмитаси томонидан биржа савдолари, давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон-савдо ва тендерларда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи тартиб ишлаб чиқилади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Қайд этиш лозимки, ушбу таклиф айнан тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувларда кўтарилиб, улар томонидан биржа ғолиби билан ишлашга мажбурлиги, контрагентни танлаш ва уни текшириш имконияти йўқлиги ва бу ўз навбатида уларнинг солиқ узилиши коэффициенти ҳамда ҚҚС бўйича ҳисобга олиниши лозим суммага салбий таъсир кўрсатаётганлиги билдирилган эди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ишлаб чиқиладиган тартиб огоҳлантирувчи хусусиятга эга бўлади. Ушбу тартибда келгусида қилинадиган харажатлар ва кўриладиган зарарлар камайтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари юзага келиши мумкин бўлган жавобгарликни олдини олишга ҳам эътибор қаратилади.
Қўмитанинг сайтида эълон қилинган «шубҳали» корхоналар рўйхатидаги субъектлардан 258 таси 2021 йил товар-хом ашё биржасидан жами 1,2 трлн сўмлик юқори ликвидли товарларни сотиб олиб, контрагент корхоналарга кирим қилинмаган бошқа турдаги товарларни реализация қилганлиги ва улар билан ишлаган 17,3 мингта контрагент корхона томонидан 971,5 млрд сўмлик ҚҚС асоссиз ҳисобга олинганлиги қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган 15 кишига 9 млн сўм мукофот берилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)