Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг (КХШТ) тинчликпарвар кучлари Қозоғистонга жўнатилди. Бу ҳақда КХШТ сайтида маълум қилинган.
«КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 6 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ, вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш учун КХШТнинг Коллектив тинчликпарвар кучлари чекланган муддатга Қозоғистон Республикасига юборилди» — дейилади ташкилот хабарида.
КХШТ маълумотларига кўра, тинчликпарвар кучлар таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон Қуролли кучлари бўлинмалари киритилган.
«КХШТ Коллектив тинчликпарвар кучларининг асосий вазифалари муҳим давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатни ҳуқуқий майдонга қайтаришда Қозоғистон Республикасининг ҳуқуқ-тартибот кучларига ёрдам беришдан иборат бўлади», — дея таъкидланган КХШТда.
Қайд этилишича, Қозоғистонга юборилган КХШТ тинчликпарвар кучлари таркибига Россия Ҳаво-десант кучлари киритилган. Айни пайтда улар ҳаво кучларининг самолётлари ёрдамида республикага йўл олган.
«РИА Новости» Тинчликпарвар контингент таркибидаги Россия кучларининг Қозоғистонга жўнатилиши акс этган видеони эълон қилди.
Қозоғистондаги вазият 2 январь куни Жанаўзен шаҳрида (Манғистау вилоятидаги шаҳар) суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши митинглар бошланганидан сўнг кескинлашди. Чиқишлар иқтисодий ва сиёсий талаблар билан бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига айланиб кетди. 4 ва 5 январь кунлари Олмаотада намойишчиларнинг хавфсизлик ходимлари билан тўқнашуви кузатилди.
Мамлакат бўйлаб интернет узиб қўйилган. Мобил алоқа ҳам деярли ишламаяпти. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар борлигини айтди. Tengrinews Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, тартибсизликлар чоғида 8 нафар полициячи ва Миллий гвардия аскари ҳалок бўлгани, яна 317 киши жароҳатланган ҳақида хабар берди.
Мамлакатда банкларнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилган
Изоҳ (0)