Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги марказий Республика майдонига кириш ёпилган, у жойлашган туманда мобил интернет узилишлар билан ишламоқда. Бу ҳақда воқеа гувоҳларига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларга кўра, Сатпаев, Назарбоев ва Желтоксан кўчалари бўйлаб полиция жойлаштирилган, у ерга на транспорт воситаларининг, на пиёдаларнинг кириши мумкин эмас.
Шаҳар аҳолиси бундай чора-тадбирларни суюлтирилган газ нархи ошишига қарши Манғистов вилоятида бўлиб ўтган норозилик намойишлари билан боғламоқда.
2 январь, якшанба куни Жанаўзен шаҳрида (Манғистов вилояти) автомобиль эгалари 1 январдан бошлаб литри 60 тенгедан (1 492 сўм) 120 тенгега (2 984 сўм) кўтарилган суюлтирилган газ нархини пасайтириш талаби билан митингга чиқди. Худди шундай митинглар бутун вилоят, жумладан, вилоят маркази Ақтов шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга «Жанаўзендаги вазиятни зудлик билан иқтисодий мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий соҳада кўриб чиқиш»ни топширди. 3 январь куни Қозоғистон ҳукумати давлат раҳбари номидан Манғистов вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини эълон қилди ва суюлтирилган нефть гази нархини тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга ваъда берди.
Манғистов вилоятидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари ўз ташаббуси билан газ нархини бир литр учун 120 тенгедан 85-90 тенгега (2 200 сўм атрофида) туширишга рози бўлди. Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги томонидан ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига нисбатан нархни белгилашда ўзаро тил бириктириш бўйича суриштирув ишлари бошланган.
Аввалроқ Бухоро вилояти Жондор туманида бир гуруҳ аёллар газ ва «свет» йўқлиги сабаб автомобиль йўлини тўсиб қўйган эди. Туман ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, аҳолининг газ электр таъминоти бўйича иддаолари мутлақо асоссиз эканини маълум қилган.
Изоҳ (0)