Ўзбекистонда янги 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилиши кутилаётгани тўғрисида хабар берилганди. 16 декабрь куни Марказий банк янги кўринишдаги номинал қиймати 50 минг сўм ва 100 минг сўм бўлган банкноталар дизайнини эълон қилган. Бироқ янги кўринишдаги 50 минг сўмлик купюра дизайнида хатолик кетгани маълум бўлди.
«Azon.uz» нашри 50 минг сўмлик банкнота дизайнида чалкашлик, хато кетиб қолгани ҳақида ёзган. Яъни банкнот намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилган, аммо мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилган. Марказий банк эса ҳолатга муносабат билдириб, ҳақиқатан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлигини тан олди.
«Мутахассислар билан қайта ўрганиш натижасида ҳақиқатан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлиги маълум бўлди. Шу сабабли Марказий банк янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилади», — дейилади хабарда.
Марказий банк банкнотлар дизайнларига бефарқ бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 14 июнидан бошлаб номинал қиймати 2 000 сўм ва 20 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгилари муомалага чиқарилганди. 2021 йилнинг 26 августидан бошлаб эса Ўзбекистонда 5 минг ва 10 минг сўмлик банкноталар янги кўринишда муомалага чиқарилишини бошлаган эди. Ўшанда Марказий банк вакили 5 минг ва 10 минг сўмлик банкноталар янги кўринишда чиқарилишига банкнотларни ягона тематикага бирлаштириш мақсади ҳам сабаб бўлганини айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)