Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўқотар қуролдан ўт очиш бўйича маҳоратини намойиш этди. Бу ҳақда Туркманистон телевидениесига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Туркманистон раҳбари ўзининг тўппончадан ўқ узиш маҳоратини Ашхобод яқинидаги туманлардан бирига сафари чоғида кўрсатган, сафардан мақсад ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот органларининг хўжалик бошқарувини ташкил этиш бўйича олиб бораётган ишларни кўздан кечириш бўлган.
Туркманистон Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўт очиш полигонига ташриф буюрган ва у ердаги нишонни тўппончадан ўққа тутган.
«Ўқ отиш майдонида давлат раҳбари нишонга бир неча бор ўқ узди ва барча ўқлар нишон марказига тегди, бу миллат етакчисининг юксак маҳоратидан далолатдир», — дейилади хабарда.
Туркманистон раҳбари спортнинг ҳарбий-амалий турлари билан шуғулланиш барча шахсий таркибга қўйиладиган зарурий талаб эканини, у жанговар топшириқларни муваффақиятли бажаришга хизмат қилишини таъкидлаган.
Анъанага кўра, Бердимуҳамедов нишонга дастхат қолдирган.
Туркманистон президенти ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига турли қуроллардан ўқ отиш маҳоратини мунтазам намойиш этиб келади. Масалан, Бердимуҳамедов 2019 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган ҳарбий машғулотларда велосипед ҳайдаш мобайнида тўппончадан нишонга бехато ўқ отишни намойиш этган эди.
Мавзуга доир:
- Бердимуҳамедов янги автотрассанинг бир қисмини очиб бериб, унда янги «КамАЗ»ни синовдан ўтказди (фото)
- Туркманистон президенти тилла белкурак, тилла арава ва тилла капсула билан янги саноат мажмуаси қурилишини бошлаб берди (видео)
- Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли билан бирга «Аваза»даги спортзалга борди (фото)