Канар ороллари таркибига кирувчи Палма оролидаги Камбре-Веха вулқони отилишидан ҳосил бўлган яна бир лава оқими денгизга етиб борди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Лаванинг ҳарорати тахминан 800-900 даражани ташкил қилади. У дастлаб Гирресдаги пляжга, у ердан эса Атлантика океанига оқиб борган.
Маҳаллий ҳокимият фуқароларни лава сув билан аралашганидан сўнг таркибида хлорид кислота зарралари бўлган сув буғлари ҳосил бўлиши, бу эса инсон саломатлиги учун хавфли эканидан огоҳлантирди.
Айни дамда пляж атрофидаги барча уйлар эвакуация қилинган – лава оқимларининг секин ҳаракатланиши сабабли хавф юзага келгани учун сўнгги бир неча ҳафта ичида одамлар бу ҳудуддан кўчирилган.
Палма оролидаги Камбре-Веха вулқони бир ярим ойдан буён отилишдан тўхтамаяпти. Палма ороли таниб бўлмас даражада ўзгарган. Оролдаги кўчалар, уйлар ва йўллар қалин кул билан қопланган.
Палмадаги вулқон отилиши 19 сентябрда бошланган, ўн кундан кейин лаванинг биринчи оқими океанга етиб келган. Мутахассисларнинг фикрича, вулқон отилиши бир неча ой давом этиши мумкин.