Ўзбекистон Президентининг тегишли фармони билан бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатлар Мусаевни соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилганини ёзган эди.
Маълумот учун, Беҳзод Мусаев 1973 йилда туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда эса Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди.
У меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида бошлаган. 1998—2002 йилларда Молия вазирлигида ижтимоий соҳани молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи каби масъул лавозимларда ишлаган. 2002 йилда Ҳисоб палатасида фаолият кўрсатиб, 2006—2010 йилларда Ҳисоб палатаси раиси бўлган. 2010 йилда Давлат солиқ қўмитасидаги фаолиятини бошлаган Мусаев 2010—2011 йилларда ва 2018 йилнинг мартидан декабригача бўлган муддатда ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари, 2018 йил майидан 2020 йил майигача Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Беҳзод Мусаев 2020 йил 13 майдан бери бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
«Соғлиқни сақлаш тизимида ҳамма учун таниш бўлган Беҳзод Мусаев бир ярим йил давомида тиббиёт соҳаси вакиллари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб келган», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июлида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар шароитда даволанган вақтида Беҳзод Мусаевга унинг вазифасини бажариш юклатилган эди.
Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев лавозимидан озод этилгани ва у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ўтиши кутилаётгани тўғрисида хабар берилганди.