Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Беҳзод Мусаев тайинланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Telegram’даги канали орқали хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, Қонунчилик палатасида депутатлар Беҳзод Мусаевни соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, маъқуллаш бўйича қарор қабул қилган.
Беҳзод Мусаев 2020 йил 13 майдан бери бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Бунга қадар у 2018 йил майидан 2020 йил майигача Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июлида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар шароитда даволанган вақтида Беҳзод Мусаевга унинг вазифасини бажариш юклатилган эди. Ўзбекистон ҳукуматнинг 2020 йил 3 ноябрдаги қарори билан соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келган Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари шу куни куни Абдуҳаким Хожибоев номзодини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига маъқуллаганди. Абдуҳаким Хожибоев 2020 йил 15 июль кунидан бери соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари сифатида ишлаётган эди.