2021 йилги Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этаётган номзодларнинг бари овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиб бўлди. Бешала номзод овоз бериш жараёнида оила аъзолари билан бирга қатнашди.
Соат 9:01 да Экологик партиядан кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродов Тошкентнинг Янги Ҳаёт туманидаги 579-сайлов участкасида овоз берди. У сайлов участкасига оила аъзолари билан бирга ташриф буюрди.
Соат 9:59 да «Адолат» социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов Шайхонтоҳур туманидаги 132-мактабда ташкил этилган 405-сайлов участкасида овоз берди. Унга рафиқаси, ўғли, келини ва неваралари ҳамроҳлик қилган.
Соат 10:16 да журналист Азиза Қурбонова Либерал-демократик партиядан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани «Алишер Навоий» маҳалласидаги 59-сайлов участкасига тўққиз нафар оила аъзоси билан ташриф буюриб, овоз бериб бўлгани ҳақида маълум қилди.
Худди шу вақтда (соат 10:16 да) Учтепа туманидаги 116-мактабда ташкил этилган 206-сайлов участкасига турмуш ўртоғи ва неваралари билан бирга ташриф буюрган Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова овоз берди.
Соат 10:19 да «Миллий тикланиш» партиясидан кўрсатилган номзод Алишер Қодиров Тошкент шаҳридаги 83-мактабда ташкил этилган 116-сайлов участкасида овоз берди. У сайлов участкасига рафиқаси ҳамроҳлигида келди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти сайловида овоз бериш жараёни 24 октябрь куни соат 20:00 га қадар давом этади. Марказий сайлов комиссияси ахборотига кўра, Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига рўйхатга олинган жами сайловчилар (19 859 127 киши)нинг 33,6 фоизи ёки 6 669 552 киши овоз бериб бўлган. «Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади ва бу билан барча сайлов жараёни иштирокчиларини табриклаймиз», — дея маълум қилди Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.Соат 9:00 ҳолатига сайловчиларнинг энг юқори фаоллиги Фарғона (16,9 фоиз) ва Наманган вилоятларида (14,9 фоиз), энг сусти эса Тошкент шаҳри (7,2 фоиз), Тошкент (8,1 фоиз) ва Навоий вилоятларида (8,6 фоиз) кузатилаётган эди.