Fitch Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтинги барқарор прогноз билан «BB-» даражада эканини тасдиқлади, деб хабар бермоқда Spot. Fitch’га кўра, бу баҳо Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли ва заиф томонлари ўртасидаги мувозанатни акс эттиради.
Бир томондан, мамлакат барқарор захира, юқори ўсиш суръатларига эга, давлат қарзи ҳам нисбатан паст. Бошқа томондан, инфляция даражаси юқорилигича, аҳоли жон бошига ЯИМ пастлигича, институционал тузилмалар эса заифлигича қолмоқда.
Агентлик Ўзбекистон иқтисодий ўсиши прогнозини қайта кўриб чиқди — 2021 йилда ЯИМ 6,2 фоизга, 2020—2023 йилларда эса 5,7 фоизга ошади. Бу худди шундай кредит рейтингига эга бўлган гуруҳ учун ўртача кўрсаткич бўлган 3,7 фоиздан юқори.
Иқтисодий ўсишнинг тикланишига сабаб бўлган асосий омиллар молиявий сиёсат, инвестициялар ва ислоҳотлар бўлди. Булар қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноат соҳаларига ижобий таъсир кўрсатган.
Бироқ Fitch таҳлилчиларининг қайд этишича, коронавирус пандемияси давом этаётгани ва вакцинация жараёнининг суст кетаётгани (сентябрь ойига келиб, вакцина олиши лозим бўлган аҳолининг 16 фоизи тўлиқ эмланган) иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Таълим, тиббиёт ва давлат инвестицияларига сарфланаётган харажатлар туфайли 2021 йилда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 5,2 фоизини ташкил қилади, лекин ҳукумат кутган 5,5 фоизга етмайди. 2022 йилда 4,3 фоизгача, 2023 йилда эса 3,8 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Fitch прогнозига кўра, 2021 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 42 фоизини, 2023 йилда эса 44 фоизини ташкил қилади. «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси белгиланаётгани, унинг ошиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилиши назарда тутилганлиги алоҳида эътироф этилган.