Хитой «Гаофен-5» масофадан сезувчи сунъий йўлдошини Ер орбитасига муваффақиятли учирди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси (CCТV)га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Сунъий йўлдош икки паллали «Чанчжен-4C» ракета ташувчиси ёрдамида қуёшнинг синхрон орбитасига олиб чиқилди. Учириш 7 сентябрь куни Тайюань космодромидан Тошкент вақти билан 8:01 да амалга оширилди.
Бу Хитойнинг 2021 йил ҳисобида 32 марта сунъий йўлдош учириши.
«Гаофен-5» юқори аниқликдаги қисқа тўлқинли гиперспектрал камера, иссиқхона газ детектори, юқори аниқликдаги инфрақизил атмосфера детектори, шунингдек, турли табиий ҳодисаларни кузатиш асбоблари билан жиҳозланган. Сунъий йўлдош тахминан 705 километр баландликдаги қуёш-синхрон орбитасига олиб чиқилди.
«Гаофен» масофадан сезувчи сунъий йўлдошлари оиласи Ерни туну кун юқори аниқликда кузатувчи йўлдошлар тизими(CHЕОS)ни ташкил этиш дастури доирасида ишлатилади. Дастур Хитой ҳукумати томонидан 2010 йилда тасдиқланган. Ҳукумат режасига кўра, CHЕОS’ни амалга ошириш жараёнида табиий офатлар юз бериши ҳақида огоҳлантирадиган, об-ҳавони башорат қиладиган, Хитойнинг турли ҳудудларида ҳосилдорликни баҳолайдиган, шунингдек, мамлакат ҳудудларида суғориш тизимларининг ишлашини ва иқтисодий ўсиш истиқболларини кузатиб борадиган сунъий йўлдош тизимини яратиш зарур.
Давлат дастури доирасида «Гаофен» сунъий йўлдошининг биринчи учирилиши (GF-1) 2013 йил 26 августда Сзюцюань космодромидан «Чанчжен-2D» икки паллали учириш мосламаси ёрдамида амалга оширилган. Хитой сунъий йўлдошидан ташқари, орбитага бошқа мамлакатлардан — Аргентина, Эквадор ва Туркиядан учта микройўлдош олиб чиқилган.