«Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукуматида аёллар учун лавозимлар бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда ҳаракат расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга таяниб, BFMTV хабар берди.
«Бизда аёллар учун шариат қонунларига мувофиқ лавозимлар бўлади. Улар ҳукумат таркибида ишлай олади», — деди у. Мужоҳиднинг аниқлик киритишича, аввалроқ эълон қилинган ҳукумат таркиби (унда аёллар йўқ) вақтинчалик.
Шунингдек, Афғонистоннинг янги ҳукумати раҳбари мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунд 8 сентябрь куни Афғонистоннинг собиқ амалдорларига ватанига қайтишни сўраб мурожаат қилди ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга ваъда берди.
«Биз собиқ амалдорларни мамлакатга қайтишга чақирамиз, уларнинг хавфсизлигига кафолат берамиз», — деди Оҳунд Al-Jazeera телеканали эфирида.
7 сентябрь куни Мужоҳид Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари рўйхатини оммага тақдим қилганди, унинг ўзи ҳукуматда маданият ва ахборот вазири лавозимини эгаллайди.
Маълумотларга кўра, Муҳаммад Ҳасан Оҳунд «Толибон» тузган янги ҳукуматнинг раҳбари бўлади. Оҳунд «Толибон» етакчиларининг раҳбари ҳисобланарди ва аввалги АҚШ ҳомийлигидаги ҳукумат қўшинига қарши урушда гуруҳни бошқарган. Қандаҳорлик етакчи «Толибон» асосчиларидан бири ҳисобланади.
«Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожуддин Ҳаққоний ички ишлар вазири лавозимини эгаллайди. «Толибон» асосчиларидан бирининг ўғли Умар Ёқуб мудофаа вазири бўлади. Ташқи сиёсий идора (Ташқи ишлар вазирлиги) раҳбарлиги Амир Хон Муттақийга ишониб топширилади. Разведка вазирлигига Абдул Ҳақ Восиқ раҳбарлик қилади. У 2002—2014 йилларда АҚШда асирда бўлиб қайтган ва Гуантанамо қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган. Кейинчалик Абдул Ҳақ Восиқни «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асирга олган АҚШ ҳарбийсига алмаштиришган.