Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида электровоз ва юк машинаси тўқнашди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 сентябрь куни соат 09:20 ларда туманнинг «Азларсой» МФЙ ҳудудидан ўтган темир йўл кесишмасида фуқаро А.Й. бошқарувидаги №0203-рақамли электровоз ҳамда ҳайдовчи Б.Б. бошқарувидаги Howo русумли юк автомобили иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашув натижасида юк автомобили ҳайдовчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
«Zamon.uz»нинг ёзишича, қум ортилган юк машинаси Тошғузор—Бойсун—Қумқўрғон темир йўлининг 220 километрдаги темир йўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи телефонда гаплашиб кетаётиб поезд келаётганини кўрмай қолган.
Ҳодиса жойига туман ИИБ тезкор тергов гуруҳи чиқиб, воқеа тафсилотларини ўрганган ва ҳолат ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.
Транспорт прокуратураси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳолат юзасидан вилоят ИИББ транспортда жамоат хавфсизлигини таминлаш бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш жараёни Транспорт прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.
«Тошкент минтақавий темир йўл узели»нинг билдиришича, Howo юк машинаси кесишмадаги тўхташ белгисига, ёниб турган қизил чироққа қарамасдан йўл қоидасини бузиши оқибатида ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган юк поездига келиб урилган.
Оқибатда электровознинг ғилдирак жуфтлиги изидан чиқиб, поездлар ҳаракатининг тўхташига олиб келган. Зудлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида авария ҳолати бартараф қилиниб, 9 сентябрь куни соат 13:00 да поездлар ҳаракати қайта тикланган.
Қайд этилишича, бу ҳолат айрим йўловчи поездларнинг ўз манзилига ҳаракат жадвалидан бироз кечикиб боришига сабаб бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, август ойи бошларида Сурхондарёнинг Шўрчи туманида «ЗИЛ» юк машинаси ҳайдовчиси тепловоз уриб кетганди. Светофор чироқларига амал қилмасдан йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган 43 ёшли ҳайдовчи ҳодиса оқибатида вафот этганди.