Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, қўшни минтақалардаги зиддият ва қуролли низолар Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев айни пайтда бўлиб ўтаётган ЎзЛиДеПнинг Х қурултойида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Биз ўтган даврда янгиланган Мудофаа доктринаси асосида Қуролли кучларимиз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, такомиллаштирмоқдамиз. Қўшинларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини чуқур ислоҳ қилдик. Армиямиз энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланмоқда. Бугун Қуролли кучларимиз ҳар қандай ташқи хавф-хатарларга, турли тажовуз ва таҳдидларга қатъий зарба беришга қодир бўлган яхлит ва ишончли кучга айланмоқда», — деди Президент.
Унинг сўзларига кўра, келгусида ҳам мамлакат мудофаа салоҳияти ва ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ ва манзилли ишлар давом эттирилади. Энг аввало, Қуролли кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, тизимли амалга оширилади.
«Шу билан бирга, мамлакатимизни ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизими ҳам давр талабларидан келиб чиқиб, янада кучайтирилади. Чегараларимиз хавфсизлигини замонавий коммуникация воситалари ва техник иншоотларни кенг қўллаш орқали янада мустаҳкамлаймиз», — деди давлат раҳбари ва ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ҳар томонлама кучайтирилишини ҳам қўшимча қилди.
Шавкат Мирзиёев Афғонистон халқига қўлдан келган барча ёрдам берилишини ҳам таъкидлаб ўтди.
«Қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз.
Термиз—Мозори Шариф —Кобул—Пешовар темир йўлини қуриш ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик ва муҳим лойиҳаларни ҳамкорликда, албатта, амалга оширамиз», — деди Президент.