Пхенянда 8 сентябрь куни кечқурун КХДР ташкил этилганининг навбатдаги йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги халқ республикасидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Шу билан бирга, Американинг Daily NK ахборот портали манбаларига таяниб хабар беришича, Пхенянда жанговар самолётлар двигателларининг шовқини эшитилган, бу эса самолётларнинг ҳарбий параддаги иштирокидан далолат беради. Нашр суҳбатдоши, шунингдек, Пхенян осмонида ранг-баранг мушаклар кўринганини айтди.
2020 йил октябрь ойида КХДР ҳукумати Пхенянда Корея Меҳнат партияси ташкил этилганининг 75 йиллигига бағишланган йирик ҳарбий парад ўтказганди. Унда янги қитъалараро баллистик ракета, сувости баллистик ракетаси ва бошқа илғор ҳарбий техникалар иштирок этган.
КХДР ташкил этилган расмий сана 1948 йил 9 сентябрь ҳисобланади, 2021 йилда халқ республикаси эълон қилинганининг 73 йиллиги нишонланмоқда.
Июль ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин душман кучларини «тажовузкорлик мақсадида шиддатли ва қатъий ҳарбий машқлар» олиб бораётганликда айблаб, ўз армиясини жанговар самарадорликни ошириш учун бор имкониятларни ишга солишга чақирганди.
Август бошида эса Шимолий Кореяда озиқ-овқат танқислиги туфайли аҳолига армия захираларидан гуруч тарқатилаётгани ҳақида хабар берилди. Жанубий Корея разведкаси КХДРдаги озиқ-овқат инқирози ҳақида хабар топди. Мамлакатда тартибсизликлар содир этилмаган, аммо иссиқлик ва қурғоқчилик чорва молларини, шунингдек, шоли ва маккажўхори ҳосилини нобуд қилган.
Мавзуга доир:
- КХДР ядро реакторини қайта ишга туширди. Бу ташқи сиёсатда Байденнинг шундоқ ҳам чигал ишини янада мураккаблаштириб юбориши мумкин
- Озиб кетган Ким Чен Иннинг видеотасвирлари унинг соғлиғи ҳақида янги муҳокамаларга сабаб бўлди (фото ва видео)
- Шимолий Кореяда Токио Олимпиадаси ўйинлари уч ҳафта кеч эфирга узатилди