8 сентябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон бўйича видеоконференцалоқа шаклидаги вазирлар учрашувида иштирок этгани тўғрисида хабар берилганди. ТИВ матбуот хизматининг ёзишича, учрашувда комилов Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициясини маълум қилганди.
Тадбирда Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинган.
«Ўзбекистон Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори», — дейди Абдулазиз Комилов.
Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший раислигида ўтказилган йиғилишда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев иштирок этган.
Учрашув қатнашчилари Афғонистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, тинчлик, хавфсизлик, миллий ярашувни таъминлаш, Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва барқарор ривожланиш тамойиллари тарафдори эканлигини билдириб, мамлакат келажаги ўз халқи томонидан белгиланиши кераклигини қайд этган.
«Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликнинг муҳим бўғинидир. Шу маънода, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини тиклашга самарали имконият яратади», — дея таъкидлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.
Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонда «Толибон» томонидан муваққат ҳукумат тузилганини олқишлагани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг «Толибон» Ўзбекистоннинг Кобулдаги янги ҳукумат билан алоқа ўрнатишга тайёрлигини эътироф этган.