15 август куни Афғонистоннинг учта Embraer-314 ҳарбий самолёти Қашқадарёдаги «Хонобод» аэродромига қўниш учун рухсат сўраган, бироқ уларга Термиз аэропортига қўниш ҳақида огоҳлантириш берилган ҳамда Ўзбекистоннинг иккита МиГ-29 қирувчи самолёти томонидан кузатувга олинган.
«Лекин кузатув давомида Embraer-314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида. Бош прокуратура ахборотида учувчилар аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этишларича, ҳозирда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Ўзбекистонга бир кунда 158 нафар Афғонистон фуқароси ва ҳарбий хизматчиси Амударёдан ўтиб, ноқонуний кириб келган
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида афғонистонлик икки учувчи Термиздаги касалхонага ётқизилган; «Gazeta.uz» манбасининг маълум қилишича, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, 16 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги пахта даласига қўнган икки афғон вертолёти видеоси ҳам пайдо бўлган эди.