2021 йилнинг июнь ўрталарида ижтимоий тармоқларда Наманганда вояга етмаган болалар товуқларга зарар етказган итни дарахтга осиб қўйгани тасвирланган видео тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Чортоқ туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилди ва болаларнинг ота-оналари ҳамда уни видеога олиб тарқатган фуқаролар жаримага тортилди.
Наманган ИИБ хабарига кўра, 24 май куни Чортоқ тумани «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи икки нафар мактаб ўқувчиси уйидаги товуқларига зарар етказган итни далага ташлаб келиш мақсадида уни ўзи билан олиб, уйдан чиқади. «Ўзлари содир этаётган ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатини тушуниб етмасдан, итни чинор дарахтига осган», — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолатни Чортоқ тумани «Ҳайрли» маҳалласида яшовчи И.Б. (2003 йилда туғилган) видеотасвирга олган. У Telegram ижтимоий тармоғидаги синфдошлар гуруҳига юборган. 27 май куни видеони 11-синф ўқувчиси А.Т. TikTok ижтимоий тармоғига жойлаштирган. Видеотасвирдаги кучукни, уни осган болалардан бири парваришлаётгани айтилган эди.
29 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди томонидан 2003 йилда туғилган С.О. ҳамда 2003 йилда туғилган Н.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси 1-қисмига (вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш) асосан иш ҳужжатлари кўрилиб, уларга нисбатан 2 миллион 450 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Вояга етмаганлар, 2008 йилда туғилган М.Н.нинг отаси О.Н ва 2009 йилда туғилган О.Р.нинг отаси Н.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига (ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши) асосан тўпланган ҳужжатлар Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, яъни 245 минг сўм миқдорида жарима жазоси белгиланган.
Изоҳ (0)