Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда 184 611 115 киши коронавирусни юқтириб олган, шуларнинг 3 993 159 нафари вафот этган. Касалланиш ҳолатларининг кўплиги бўйича АҚШ (33,7 миллион), Ҳиндистон (30,6 миллион), Бразилия (18,8 миллион), Франция (5,8 миллион) ва Россия (5,5 миллион) барча давлатлар ичида етакчилик қилмоқда.
Жонс Ҳопкинс университети берган ахборотга қараганда, 3,2 миллиарддан ортиқ дозада вакциналар қўлланилган. Ҳар битта доза алоҳида одамларга киритилган деб ҳисобланса, бу сайёрадаги вояга етган аҳолининг қарийб 50 фоизига тенг бўлади. 3,2 миллиард одам камида битта доза билан эмланган бўлса, уларнинг 885 миллиони тўлиқ эмланган.
Айни пайтгача 13 та мамлакат ва олтита кичик ҳудудлар ўз аҳолисининг 50 фоиздан ортиғини COVID-19’га қарши тўлиқ эмлашга муваффақ бўлган, булар Сейшел ороллари, Исроил, Мўғилистон, Баҳрайн, Чили, Мальта, Буюк Британия, АҚШ, Венгрия, Исландия, Уругвай, Қатар, БАА давлатлари, шунингдек, Бермуда ороллари, Аруба, Синт Мартен, Ангиля, Мен ороли ва Кук оролларидир.
Хитой ва Россия мутахассислари коронавирусга қарши янги вакцина устида ҳамкорликдаги ишларни якунлади.«Ишлар Санкт-Петербургда олиб борилди, улар муваффақиятли кечди. Энди ундан фойдаланиш учун Россия тегишли органларининг рухсати керак», — деди Хитойнинг Россиядаги элчиси Чжан Ханхуэй.
Шунингдек, у Хитой ва Россия коронавирусга қарши кураш бўйича ҳамкорликни кенгайтираётганини қайд этди. Хусусан, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Хитойда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ташаббуси Си Цзиньпин ва Путин томонидан маъқулланган.
Мавзуга доир: Ўзбек–хитой вакцинасининг коронавируснинг «ҳиндча» штаммига қарши таъсири ўрганилмоқда
Москва Соғлиқни сақлаш департаменти бош педиатри Исмоил Османовнинг сўзларига кўра, вакцина олганларнинг барчаси ўзларини яхши ҳис қилмоқда, уларда асоратлар кузатилмаяпти.
«Спутник V»ни 12—17 ёшлиларда синовдан ўтказиш жараёнида 100 нафар кўнгилли қатнашмоқда. Тадқиқот Москвадаги иккита болалар тиббиёт муассасаси базасида олиб борилмоқда.
Шунингдек:- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирусга қарши курашда эришилган прогрессга қарамасдан, айни пайтда COVID-19 пандемияси жуда хавфли босқичда турганини маълум қилди. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли — индивидуал ҳимоя воситалари, тестлар, дорилар ва вакциналарни одилона тақсимлаш борасида мамлакатларни қўллаб-қувватлаш.
- Португалияда коронавирус пандемиясининг тўртинчи тўлқини бошланди, дея маълум қилди бош вазир Антониу Кошта. Унинг айтишича, мамлакатда вакцинация жараёни фаол бормоқда ва у янада тезлаштирилади. Аҳолининг 52 фоизи битта доза билан, 32 фоизи тўлиқ эмланган.
- Ҳиндистонда минглаб одамлар вакцина ўрнига физраствор (физиологик эритма) билан эмланди. Сохта вакциналар савдосига тиббиёт ходимлари ҳам аралашган. Оқибатда қарийб 2500 киши сохта вакцина олган, фирибгарлар эса бундан 28 минг доллар ишлаб олган.