Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республика раҳбарлиги сайловларида қатнашиш учун ўз номзодини илгари сурди. Бу ҳақда минтақа сайлов комиссиясининг маълумотларига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Мен сизларга хушхабарни етказишга шошиляпман. Бугун, 6 июль куни Чеченистоннинг амалдаги раҳбари, Россия Қаҳрамони Рамзан Ахматович Қодиров 2021 йил 19 сентябрга белгиланган Чеченистон Республикаси раҳбари сайловига ўз номзодини қўйди», — дея маълум қилди сайлов комиссияси раҳбари Умар Байханов Instagram’да.
Июнь ойида Россия президенти Владимир Путин 2007 йилдан бери Чеченистонни бошқариб келаётган Қодировни яна раҳбарлик учун номзодини қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаганди.
«Унда (сайловда) қатнашиш керак», — деган Путин ўшанда. Қодиров бунга жавобан «садоқатли пиёда аскар» сифатида давлат раҳбарининг «ҳар қандай буйруғини бажаришга» тайёрлигини билдирди. Кейинчалик «Ягона Россия»нинг Чеченистон ҳудудий бўлими сайловларда республиканинг амалдаги раҳбарини номзод қилиб кўрсатди.
Путин томонидан қўллаб-қувватланганидан сўнг Қодиров Чеченистон раҳбари лавозимига сайланишга рози бўлди. «Мен президентимиз ва жамиятнинг хоҳиш-истагини тингладим ва сайловларда қатнашишга розилик бердим», — деди у.
Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келмоқда. 2016 йилда у республика раҳбарлигига қайта сайланган ва 94,8 фоиз сайловчи иштирок этган сайловларда 97,56 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонганди.
Чеченистонда сайловлар 2021 йил 19 сентябрь куни ўтказилади.
Аввал Рамзан Қодиров Россия ҳудудлари бўйича 2020 йилнинг энг бой раҳбари бўлиб чиққани, Чеченистон раҳбари вакцина олишдан бош тортганларни энг охирида эмлаш таклифини илгари сургани ҳақида хабарлар берилган.
Мавзуга доир:
- «Шайтонларнинг кўпини йўқ қилганман, сени ҳам йўқ қилишим мумкин». Рамзан Қодиров танқидли изоҳ учун Instagram фойдаланувчисига таҳдид қилди (видео)
- Рамзан Қодировни «шайтон» деб атаган ўсмирнинг отаси ва қариндошлари кечирим сўради (видео)
- ОАВ: Рамзан Қодиров ва унинг оиласини қўриқлаш учун беш йил ичида бюджетдан 13 млн доллардан ортиқ пул сарфланган