БМТнинг Превентив дипломатия маркази ташаббуси билан 7 июль куни Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирларининг виртуал форматдаги музокаралари бўлиб ўтди.
ТИВ расмий вакили, матбуот котиби Юсуф Қобулжоновнинг маълум қилишича, учрашувда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ҳамда сиёсий жараёнларни ривожлантиришда афғон халқининг етакчилик роли тамойилини ҳурмат қилиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро терроризм таҳдидларига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиё давлатлари томонидан ушбу йўналишда амалий саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Томонлар Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу нуқтаи назардан, Афғонистоннинг минтақавий интеграция жараёнларига кенг жалб қилиниши мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчликни қарор топишига ёрдам беради.
Минтақа давлатлари кўмаги билан Афғонистон ҳудудида энергетика, транспорт-коммуникация соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари қайд этилди.
Шунингдек, шу ойда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциясининг аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилди. Афғонистонга кенг кўламда кўмаклашиш, жумладан пандемия даврида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Аввалроқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтонда АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Томонлар афғон можаросини ҳал қилишнинг ҳозирги ҳолати истиқболларини ҳамда минтақада тез муддатларда тинчлик ўрнатишга кўмаклашувчи чораларни муҳокама қилган.
Мавзуга доир: