Интернетда ҳали тақдим этилмаган iPhone 13 Pro’нинг ғилофи кийгизилган 12 Pro смартфонининг сурати пайдо бўлди. Кадрлар орқали икки смартфоннинг ўзаро фарқини ва камералар ўлчамидаги ўзгаришларни кўриш мумкин, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Тахминларга кўра, iPhone 13 Pro модели 12 Pro билан таққослаганда яхшироқ камералар тавсифига эга бўлади. Масалан, iPhone 13 линейкасидаги барча моделларда матрицанинг силжиши ҳисобига ишлайдиган оптик барқарорлаштирувчи камера модули пайдо бўлиши кутиляпти. Смартфон қўлда қимирлаганда камера сенсори бироз қарама-қарши томонга силжиб, тебранишни компенсациялайди. 2020 йилда тақдим этилган линейкада бу каби функция фақат энг қиммат модель — iPhone 12 Pro Мах’да бор эди.
Арзонроқ моделлардаги ўзгаришларга келинадиган бўлса, iPhone 13’да объективлар бир-бирининг устида эмас, балки диагонали бўйича жойлашади. Ёруғлик диодли чақноқ эса юқорига силжийди. Бу у қадар катта бўлмаса-да, дизайндаги сезиларли ўзгариш ҳисобланади.
Аввалроқ интернетда iPhone 14 линейкасига оид маълумотлар пайдо бўлгани ва смартфон 900 доллардан арзонроқ нархда сотувга чиқиши тўғрисида хабар берилганди.