4 июль куни Бухоро вилояти Олот тумани «Усмоншайх» маҳалласида яшовчи фуқаро ер талашиб, синглисини пичоқлаб қўйди, деб хабар беради вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 63 ёшли Т.Ҳ. исмли шахс 58 ёшли синглиси Т.Р. билан ер-жой талашиши оқибатида келиб чиққан жанжал вақтида синглисининг кўкрак қафаси ҳамда бел соҳасига ошхона пичоғи билан уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда Т.Р. олган тан жароҳатидан воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олот тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Т.Ҳ. иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Аввалроқ Жиззахда маст эркак устачилик билан шуғулланиб келган хонадошини пақир билан уриб ўлдириб қўйгани, Тошкентда шаръий никоҳдаги хотинини ўқлов билан уриб ўлдирган эрга суд ҳукми ўқилгани, Қорақалпоғистонда маст ҳолдаги 57 ёшли эркак хотини ва 18 ёшли қизини ўлдириб қўйгани тўғрисида хабар берилганди.