Олмалиқда уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходими итни оҳакка ботириб, майиб қилди, дея хабар бермоқда «Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти.
Қайд этилишича, апрель ойида «Меҳр ва Оқибат» жамияти раҳбари нафақахўр аёлдан ариза қабул қилган. Аризада ёзилишича, аёл тасодифан Олмалиқ шаҳридаги уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ҳудудида итга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани гувоҳига айланган.
Гувоҳнинг сўзларига кўра, у катта металл қувурда ит оҳак билан қопланиб ётганини кўрган. Шунингдек, ушбу вақтда итнинг оғиздан қон оқаётган бўлган.
Аёлнинг сўзларига кўра, аввалига кўнгиллилар жониворни оҳак билан қопланган ҳолда хонадан олиб чиққан. Шундан сўнг «Меҳр ва Оқибат» вакиллари зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хат юборган.
Итга шафқатсиз муомалада бўлган уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимининг суди 14 июнь куни бўлиб ўтди. Суд қарори билан унга БҲМнинг 0,5 (122 500 сўм) миқдорида жарима белгиланган.
«Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилоти бундай ‘юмшоқ’ қарордан ҳафсаласи пир бўлди. Чунки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солиниши белгилаб қўйилган», — дейилади ҳайвон ҳимоячилари хабарида.
Ҳозирда кўнгиллилар жароҳат олган итга ғамхўрлик қилмоқда.
Бундан аввал Ангренда итларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимлари жазолангани, Бухорода итни ейиш учун ўлдириб, бошини болалар боғчасига ташлаб кетган шахсга чора кўрилгани ҳамда Наманганда вояга етмаганлар товуқларга зарар етказган итни дарахтга осиб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)