Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида фуқаронинг 52 800 АҚШ долларини қўлга киритган фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ж.И. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида фуқаро М.нинг ишончига кириб, унга танишлари орқали туман ҳудудидан 24 сотих бўш ер майдонини олиб бериши эвазига 52 800 АҚШ долларини олиб, ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Андижонда 100 гектар ер ажратиб бериш эвазига 128 минг доллар пора олган мансабдор шахсларга суд ҳукми ўқилгани, Фарғонада Кореядаги университетга имтиҳонсиз киритиб қўйишни ваъда қилиб, мактаб ўқувчиларидан жами 20 миллион сўм олган шахслар аниқлангани ҳамда Ангренда 3,5 минг доллар эвазига Жисмоний тарбия университетига киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.