Самарқандда 4 май куни кучли ёмғир ёғгани сабаб қўл тормози тортилмаган ҳолатда турган Damas сойга тушиб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куни ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариб, кучли ёмғир ёғганлиги сабабли соат 15:00 ларда Ургут туманининг ички йўлидан оқиб ўтувчи сой олдида қўл тормози тортилмаган ҳолатда турган Damas сойга тушиб кетган.
Ҳодиса содир бўлган вақтда автомашина ичида ҳеч ким бўлмаган. Транспорт воситаси кўтарма кран ёрдамида сойдан олиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятида 4 май куни кузатилган ёғингарчиликлар оқибатида бир қатор шаҳар ва туманларда аҳолига ноқулайлик туғдирувчи ҳолатлар юзага келди. Ижтимоий тармоқларда кучли ёғингарчилик сабаб сув босган кўчаларнинг видеолари тарқалди.
Видеоларнинг бирида одамлар хонадонларига тошиб кирган сувни супурги ёрдамида кўчага супуриб чиқараётганини кўриш мумкин. Шунингдек, яна бир видеода кучли шамол ва сел тошқинлари автомобиллар ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётгани тасвирланган.