Жиззахда сохта олий маълумотли дипломга эга 10 нафар мактаб ўқитувчиси ҳибсга олинган, деб хабар берди вилоят прокуратураси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Шароф Рашидов туман халқ таълими бўлимида ўтказилган текширув давомида олий ўқув юртларида ўқимаган ва сохта диплом билан ўқитувчи бўлиб ишлаган 10 киши аниқланди.
Аниқланган сохта ўқитувчиларда Жиззах давлат педагогика институти, Тошкент давлат педагогика университети, Самарқанд давлат университети ва Гулистон давлат университетининг қалбаки дипломлари бўлган.
Ушбу факт бўйича Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки ишлатиш) билан жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода Россияга бориш учун сохта авиачипта тайёрлаш билан шуғулланган икки кишига жиноят иши қўзғатилгани, Андижонда сохта ПЗР-тестларни тайёрлаб сотиш билан шуғулланган шахслар ушлангани ҳамда Тошкентда 4 минг доллар эвазига Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)