10 апрель куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги «Хўжа Зиёвуддин» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари идораси.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов, Диний идора ишбошқарувчиси Рустам хожи Жамилов ва вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов иштирок этди.
Шунингдек, 11 апрель куни муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги уламолар Иштихон туманидаги «Эшон Темирхон тўра» масжиди ва мажмуасини зиёрат қилгандан сўнг, янги таъмирланган масжиднинг тантанали очилиш маросимида қатнашган.
«Эшони Темирхон тўра» жоме масжиди 1993 йилларда халқ ҳашари йўли билан қурилган бўлиб, масжиднинг янги биноси 2019—2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида таъмирланди. Масжид ҳовлисининг умумий майдони 5 гектар, янги бинога 1000 нафар намозхон сиғади. Шунингдек, маъмурият (имом-хатиб, ноиблар) хоналари, ошхона, қоровулхона ва меҳмонхона каби қўшимча бинолар мавжуд.
30 кишига мўлжалланган эркаклар таҳоратхонаси ва аёлларнинг алоҳида таҳоратхонасида барча зарур шароитлар қилинган. Масжид «Соҳибкор», «Орлот», «Қайирма», «Ўзбек қўрғон», «Боғихон» маҳаллаларидан яшовчи мўмин-мусулмонларга хизмат қилади. Кундалик беш вақт намозда 100 дан зиёд, жума ва ҳайит намозларида 1000 дан ортиқ киши қатнашади.
Бундан ташқари, 11 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида «Домла Камолиддин Охун» жоме масжидининг очилиш маросими ҳам ўтказилган. Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб «Домла Камолиддин Охун» мақбарасини зиёрат қилган, Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинган.
«Домла Камолиддин Охун» жоме масжиди 1990 йиллар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020—2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан бунёд этилган. Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ.
Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланган. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр бўлган гумбаз жомега ўзгача ҳусн бериб турибди. 15 кишилик эркаклар таҳоратхонасида (аёллар учун ҳам алоҳида) барча шароитлар яратилган, автотураргоҳ ҳам бор.
Масжид «Шова», «Навкар», «Қовунчи» маҳаллаларига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450 киши, ҳовлисига 1000 мингга яқин сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, 10 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги «Шайҳ Назруллохон эшон» жоме масжидининг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтган.
Қайтадан қурилиб фойдаланишга топширилган янги масжидининг хонақоси 750 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий таҳоратхона ва барча қулайликларга эга бўлган хизмат хоналари бунёд этилган.
Янги масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар домла Қаюмов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили Ҳабибуллоҳ домла Зокиров иштирок этди.
Аввалроқ Ургутда Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид очилгани, Ўзбекистонда масжидлар сони 2088 тага етгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)