Туркманистонлик талаба Рўзгелди Чўлиев 2 март куни кечқурун Истанбулдан Москванинг Шереметьево аэропортига келиб тушган пайтда ҳибсга олинди. У интернетда ҳукуматни танқид қилгани учун Туркманистон махсус хизматлари томонидан таъқиб қилинаётган эди, деб ёзади «Хроника Туркменистана».
Йигитни ҳибсга олган полиция ходимларининг сўзларига кўра, у Туркманистонга депортация қилиниши мумкин.
Чўлиев интернетда бир неча бор Туркманистон президентини танқид қилиб, видео жойлаштирган. Бир таниши унга Москвага келишни таклиф қилган ва ҳар томонлама ёрдам беришни ваъда қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон идораси Рўзгелди Чўлиев билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, сўнгги кунларда яна бир неча туркман фаоллари Москвага келиш таклифларини олган.
Аввалроқ Туркманистон президенти театрларда «халқнинг бахтли ҳаёти» тўғрисидаги спектакллар йўқлиги сабаб маданият вазирига ҳайфсан берган эди. «Халқнинг бугунги ютуқлари ва бахтли ҳаётини мадҳ этувчи янги спектакллар маданият марказлари ва театрларида намойиш этилмаяпти, бу ҳақидаги қисқа саҳна асарлари кам» — дея таъкидлаган давлат раҳбари.