Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон халқ артисти, 74 ёшли Шерали Жўраевнинг оғир аҳволда экани ёки вафот этгани тўғрисида турли миш-мишлар тарқалмоқда. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов мазкур гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида санъаткорнинг кенжа издош ўғли Зоҳиршоҳ Жўраевнинг маъмури Ғайрат Шокиров билан боғланди.
Ижтимоий тармоқларда озиб кетган Шерали Жўраевнинг чой ичаётгани акс этган видео тарқалди.
«Кимлардир жудаям нотўғри хабарлар тарқатиб юборибди. Бундай гапларни ким чиқарган бўлса, Аллоҳ унга инсоф берсин», — деди Ғайрат Шокиров.
— Шерали Жўраев айни пайтда Истанбулда даволанаётгани ҳақидаги хабарлар қанчалик рост?
— Аслида Туркияга сафарга кетган. У ерда қизлари ўқийди. Магистратурани битириш арафасида диплом олиш жараёнлари бўларкан. Ҳозир қизларининг олдида. 7—8 март кунлари Тошкентга қайтиб келади. Худо хоҳласа, 21 март куни давлат байрамида кўриниш беради. Дастурга қўшиқлари киритилган, тайёргарлик кетяпти.
Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраев ҳам отасининг тирик ва соғ-саломат эканлигини айтиб, мухлислардан ёлғон миш-мишларга ишонмасликни сўради.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда ҳам Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Мавзуга доир:
- Насафий Шерали Жўраевнинг қўшиғини куйлагани учун жаримага тортилди
- СанЖай Шерали Жўраев оиласи унга «Карвон», «Гулбадан» каби қўшиқларнинг cover-версиясини айтишни тақиқлаганини маълум қилди (видео)
- Шерали Жўраев: Бугунимиз худди Навоий ва Бойқаролар замонига ўхшайди — гўзал ишлар бошланган
- Шерали Жўраев Озодбек Назарбековнинг маданият вазири этиб тайинланганини «маъқул иш» деб атади
- Шерали Жўраев 25 йилдан сўнг илк марта АҚШга борди (видео)