Ўзбекистонда 2017—2020 йилларда давлат дастурлари асосида 140 мингта ёки йилига ўртача 35 мингтадан уй-жойлар барпо этилган бўлиб, бу авваллари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 5-6 баравар кўпроқни ташкил этади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилда республикада уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак. Бу ҳаводан олинган гап эмас, Жаҳон банки, мамлакатимиздаги масъул ташкилотлар томонидан ўрганилган таҳлиллар натижаси. Шу билан бирга, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, соҳани маблағ билан таъминлаш ва ҳалол-пок ишлатиш, малакали мутахассислар тайёрлаш каби кўплаб муаммолар ўз ечимини кутаётгани ҳам ҳақиқат.
Шу сабабли, аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги фармон тайёрланди. Ушбу фармонда, энг муҳими, аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бизда қурилишда танлаш деган ибора умуман йўқ эди шу пайтгача.
Биринчидан, 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлашимиз зарур. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилади.
Шундан:
- «Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» томонидан 12 мингта;
- янги тартиб бўйича Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26,5 мингта квартира;
- ҳар бир вилоятда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тадан, жами 6,5 мингта оилага кредит ажратилади.
Таъкидланишича, жами 54 минг уй-жойдан: Қорақалпоғистонда – 2 минг 290 та, Андижонда – 4 минг 665 та, Бухорода – 3 минг 220 та, Жиззахда – 1 минг 670 та, Қашқадарёда – 3 минг 710 та, Навоийда – 1 минг 836 та, Наманганда – 4 минг 25 та, Самарқандда – 4 минг 479 та, Сурхондарёда – 3 минг 989 та, Сирдарёда – 1 минг 414 та, Тошкент вилоятида – 4 минг 46 та, Фарғонада – 4 минг 530 та, Хоразмда – 3 минг 16 та ва Тошкент шаҳрида – 7 минг 556 та уй-жой топширилади.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишгани ҳамда Президент Намангандаги Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида бағрига босган қизалоқ оиласига қайтгани ҳақида хабар берилганди.