ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қибрай туманидаги «Тузель» массивида жойлашган 2 гектар ерни 1 миллион долларга сотмоқчи бўлган хусусий тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида маълум қилинди.
Терговга қадар текширув давомида ушбу тадбиркор мунтазам равишда ноқонуний ер олди-сотдиси билан шуғулланиб келгани аниқланган.
Фирибгар келишилган пулнинг 10 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, «Навоий савдо» АЖ раҳбари мазкур жамиятга тегишли 1 гектар ерни акциядорларни хабардор қилмасдан ноқонуний равишда 29,7 минг долларга сотишга урингани аниқланди. У Навоий вилояти ДХХ бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан аванс сифатида 50 миллион сўм ва 1,5 минг АҚШ долларини олаётганида қўлга олинган.
Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти Андижон вилояти филиали ходими шоличилик билан шуғулланиш учун Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги захирасидан 8 гектар ерни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ажратиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 10,4 минг доллар талаб қилган. У сўралган пулдан 1000 долларини олган вақтда ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ушланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур ноқонуний ҳолатларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Аввалроқ Чинозда тадбиркорга 12 800 доллар эвазига 1,3 гектар ер ажратиб беришни ваъда қилган туман ҳокимлиги ходими ушлангани, Тошкент вилоятида ҳоким қарорини сохталаштириб, аслида йўқ бўлган уйларни 100 минг долларга сотишга уринган шахслар қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- Сурхондарёда жияни номига 4,5 сотих ерни аукционсиз ажратиб, уни 180 млн сўмга сотмоқчи бўлган туман қурилиш бўлими бошлиғи ушланди
- Хоразмда МЧЖ раҳбари 3 гектар ерни бир фуқаро номига расмийлаштириб бериш учун 40 минг доллар пора олган вақтида ушланди
- Наманганда 28 сотих ер майдонини 100 минг долларга сотишга уринган «фермер хўжалиги раҳбари» қўлга олинди