Англия жанубидаги Рединг шаҳрида экспертлар кўча рассоми Бэнксига тегишли деб ҳисоблаётган граффити пайдо бўлди. Собиқ қамоқхона деворига чизилган суратда чойшабдан тайёрланган арқон ёрдамида тушиб келаётган маҳбус тасвирланган. Арқоннинг бир учи ғишт деворнинг орқа тарафига ўтган бўлса, иккинчи учи ёзув машинкасига боғланган, деб хабар беради Glamour.
Экспертларнинг ҳисоблашича, граффитида ёзувчи Оскар Уайльд тасвирланган. 1895 йилдан 1897 йилга қадар у эркак киши билан содир бўлган «севги алоқалари» сабаб Рединг қамоқхонасида жазони ўтаган. Жазони ўташ вақтида Уайльд ўзининг машҳур «Рединг қамоқхонасининг балладаси» поэмасини ёзган.
Рединг қамоқхонаси биноси 2013 йилдан буён ташландиқ. 2019 йилда мамлакат ҳукумати уни сотувга қўйган эди, бироқ битим амалга ошмади. Ўшанда шаҳар кенгаши бинони санъат асарига айлантириш таклифи билан чиққан. Экспертларнинг тахминича, Бэнкси ўз граффити билан объектни реконструкция қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.
Ҳозирча рассомнинг ўзи мазкур сурат муаллифлигини тасдиқламаган. Эслатиб ўтамиз, Бэнксининг бундан олдинги иши декабрь ойида Бристолдаги уй деворида пайдо бўлганди. Коронавирус пандемиясига бағишланган суратда акса ураётган кампир тасвирланган эди.