Сингапурда Тенгах (малайчада — «оралиқ») номли келажак экошаҳри қурилади. Унда жойлашган квартиралар нархи 81 минг доллардан бошланади, илк уйлар эса 2023 йилда фойдаланишга топширилади, деб хабар беради Esquire.
42 минг уйга мўлжалланган Тенгах экошаҳри бешта туманни қамраб олиб (плантация, боғ, парк, «ғиштли» туман ва ўрмон тепалиги), Сингапур ҳукумати томонидан Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, қурилган 24-манзилгоҳга айланади. Бироқ лойиҳа сайтида таъкидланишича, у мамлактадаги биринчи «ақлли» экошаҳарга айланади.
Янги шаҳарнинг асосий ўзига хос жиҳатлари:
- иссиқлик концентрациясини максимал даражада камайтирган ҳолда шаҳарни қуришга имкон берадиган «ақлли» лойиҳа;
- энергия таъминотини оптималлаштирувчи тизим — унинг бир қисми шаҳар аҳолиси учун энергия ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш имконини берувчи дастур;
- «ақлли» ёритиш тизими — фақатгина одамлар жойлашган ҳудудларда ишга тушади;
- чиқиндиларни йиғишнинг вакуум тизими — ерости трубалари орқали чиқиндиларни йиғиш ва ташиш имконини беради;
- электромобиллар учун қувватлантириш станциялари;
- уйларга ўрнатиладиган рақамли дисплейлар — аҳолини уларнинг атроф-муҳитга коллектив таъсири ҳақида маълумот бериб туради;
- кондиционер тизими — маълум ҳудудлардаги уйларнинг ҳароратини бошқариш имконини беради.
Авваллари қурилиш жойида ғишт ишлаб чиқариш фабрикаси жойлашган бўлган, бироқ сўнгги йилларда 700 гектар келадиган мазкур ҳудудда ўрмон бунёд этилган. Шунингдек, унинг марказидан ёввойи ҳайвонларнинг хавфсиз ўтишини таъминлайдиган экологик «коридор» ҳам ўтказилади.
Бу каби қурилишни амалга ошириш Сингапур ҳукумати учун 2030 йилга бориб атмосферага карбонат ангидрид газини чиқаришни камайтириш, 2050 йилга бориб эса уни икки баробар қисқартириш имконини беради.
Аввалроқ Германияда автомобиллар киритилмайдиган шаҳар қурилиши тўғрисида хабар берилганди.