Ўзбекистондаги ОТМларда 2020/2021-ўқув йилидан кредит-модуль тизимини жорий этиш бошланган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиковнинг АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилишича, ўқув йили давомида фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учун пулли қўшимча семестр ташкил этилади.
Бошқарма бошлиғи ўқув ҳафталари 38−40 ҳафтадан 36 ҳафтага туширилганини таъкидлаган. Бу билан академик дарс жараёнлари 10 ойдан 7,5−8 ойга қисқарган.
Ҳар бир семестрда 15 ҳафта бўлади. Бу 18 ҳафтани ташкил этиши ҳам мумкин, у ҳолда дастлабки икки ҳафта талабалар томонидан ўзлаштирилмаган фанлар учун, яна бир ҳафта — фанлар ва ўқитувчиларни танлаш учун ажратилади.
Абдували Холиков ўқув жараёнига учинчи, ёзги семестр ҳам қўшилганлигига тўхталиб ўтган.
«Бу — таътил даврига тўғри келади ва талабаларнинг аризасига кўра, фанлардан баҳо олмаганлар учун ташкил этилади. Учинчи семестр учун ариза берган талабалар белгиланган тартибда қўшимча маблағни амалга оширади. Ҳозирча бу тизим бўйича саволлар бўляпти, аммо уч йилдан сўнг барча бу тизимга тўлиқ мослашади», — деди у.
Бу тизим 2020/2021-ўқув йилида 46 та ОТМда йўлга қўйилган. Ушбу тартиб босқичма-босқич бошқа ОТМларда ҳам жорий қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил апрель ойида «Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори билан Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилган, ҳужжатда университетда таълим жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизими асосида амалга оширилиши белгиланганди.Май ойида эса Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ва Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида Тошкент транспорт университети ташкил этилиши, 2020/2021-ўқув йилидан университетда кредит-модуль таълим тизими жорий қилиниши ҳақида хабар берилган.
Июнь ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида ҳам институтда бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этилиши хусусида маълумот берилганди.