Илон Маскнинг SpaceX компанияси Inspiration4 тижорий дастури доирасида Falcon 9 элтувчи ракетасини тўлиқ фуқаролик экипажидан ташкил топадиган Dragon космик кемаси билан орбитага учиришни режалаштираётганини маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Парвоз 2021 йил 4-чорагидан аввал амалга оширилмайди. Экипаж тўрт кишидан иборат бўлади. Тахминларга кўра, улар орбитада бир неча кун бўлади ва Ер сайёрасини ҳар 90 дақиқада бир айланиб чиқади.
Хабарга кўра, Американинг Shift4 Payments компанияси асосчиси ва ижрочи директори Жаред Айзекман парвозда иштирок этиш учун аллақачон тўлиқ тўлов қилган. Шунингдек, у ҳали танланмаган қолган уч нафар иштирокчининг парвозига ҳомийлик қилади. SpaceX қолганларни танлаш учун 26 кун муддат белгилади. Экипаж таркибидан жой олиш мақсадида танловда қатнашмоқчи бўлганлар компаниянинг веб-сайтига мурожаат қилиши мумкин.
Таъкидланишича, 37 ёшли Айзекман болаликдан космосга қаттиқ ишқибоз. 2008 йилда у «Союз» ракетасининг учишини томоша қилиш учун Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромига келган. Бир неча йил ўтиб, NASA’нинг Space Shuttle космик кемасининг сўнгги парвозларидан бирига гувоҳ бўлган.
1 февраль куни Айзекман Inspiration4 миссияси орқали Мемфис шаҳридаги St.Jude номли болалардаги саратон касалликларини ўрганиш ва тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи касалхона учун 100 миллион доллар хайрия маблағлари йиғишни режалаштираётганини эълон қилди. У шахсий маблағи ҳисобидан касалхонага яна шунча миқдорда хайрия қилади.
Айзекман SpaceX компаниясига бўлғуси парвоз учун қанча пул тўлаганини ошкор қилмади, аммо хайриядан кутилаётган маблағ миссия нархидан ошиб кетишини таъкидлади.
Хабарга кўра, Айзекмен ушбу касалхона ходимларидан бирини аллақачон миссия аъзоси сифатида танлаб қўйган. Экипажнинг учинчи аъзоси St.Jude’га хайрия қилганлар орасидан тасодифий танланади. Тўртинчи иштирокчи тўловларни комплекс қайта ишлаш ва технологик ечимлар билан шуғулланувчи Shift4 Payments компаниясининг хизматларидан фойдаланадиган компаниялардан бирининг эгаси бўлади.
Inspiration4’нинг космик сайёҳларни орбитага олиб чиқиш бўйича бошқа лойиҳалардан фарқи шундаки, сайёҳларга профессионал астронавтлар ҳамроҳлик қилмайди.
Миссия иштирокчиларига Space Хъда пуллик машғулотлар олиб борилиши ваъда қилинган бўлиб, улар Falcon 9 ва Dragon’дан вазнсизлик ва микрогравитация шароитларида фойдаланишни ўрганади. Улар орбитал механикани ўрганади, стрессга оид тестлардан ўтади, шунингдек, фавқулодда ҳолатлар бўйича машғулотларга қатнайди. Шу билан бирга, компания парвознинг ҳар бир босқичи диққат билан кузатилишини таъминлашга ваъда бермоқда.
Миссия Канаверал бурнидан учирилиши кутилмоқда, бир неча кундан кейин эса кема Флорида қирғоқлари яқинига келиб қўнади.