Буюк Британияда коронавируснинг Жанубий Африка Республикасидан кириб келган яна бир янги штамми аниқланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хенкок маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
«Бу янги тур хавотир уйғотмоқда, чунки у тез юқмоқда ва Британияда аввалроқ аниқланган штаммдан кўра кўпроқ мутацияга учраган», — дея маълум қилган Хенкок. Шунингдек, вазирнинг маълум қилишича, Буюк Британия ЖАРдан авиарейсларни қабул қилишни тўхтатмоқда.
Коронавируснинг янги штамми
Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.
Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам шунга ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди. Вируснинг янги варианти ҳозирги вакциналар ҳосил қиладиган иммунитетдан кучлироқ бўлиши мумкин, деган тахминлар учун ҳозирча бирор-бир асос йўқ. Буюк Британия 8 декабрь куни Ғарб мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши Pfizer ва BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқилган дори воситаси билан оммавий вакцинация қилишни бошлаган эди.
Европанинг бир қатор мамлакатлари — Нидерландия, Бельгия, Австрия ва Италия кабилар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатишини эълон қилиб улгурди. Ирландия, Франция ва Германия, шунингдек, Исроил ҳам шундай қарор қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Bild нашри маълумотларига кўра, Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқидаги ҳамкасблари билан Буюк Британиядан Евроиттифоққа парвозларни 20 декабрь оқшомидан то 2021 йил 6 январигача мувофиқлаштирилган ҳолда тақиқлаш бўйича келишишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва ЖАР ўртасидаги авиақатновлар чекланиши, Буюк Британия билан темир йўл ва паром алоқаси ҳам тўхтатилиши мумкин.
Янги штамм Дания ва Бразилияда ҳам аниқланди, шунингдек, янги штамм сабаб Саудия Арабистони, Россия ва 20 дан ортиқ мамлакат авиақатновларни чеклади. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам етти давлат билан авиарейсларни тўхтатди.
Изоҳ (0)