ЖССТ коронавируснинг янги тури аниқлангани туфайли Буюк Британия ҳукумати билан яқин алоқада бўлиб турибди ва унинг хусусиятлари ҳақида маълумот пайдо бўлиши билан бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилади. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда ташкилот Twitter’даги саҳифасида маълум қилган.
Хабарда айтилишича, Лондон маълумотлар узатишда, шунингдек, таҳлиллар натижалари ва олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида хабардор қилишда давом этади.
«Биз ушбу вирус турининг хусусиятлари ва ҳар қандай оқибатлари тўғрисидаги долзарб маълумотлар ҳақида ташкилотга аъзо давлатлар ва жамоатчиликни хабардор қилиб борамиз», — дейилади ЖССТ хабарида.
14 декабрь куни Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хенкок Лондонда коронавируснинг янги тури аниқланганини маълум қилганди. Унинг оқибатида айрим ҳудудларда касаллик тарқалиши даражаси кескин ошган. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британияда янги вирус билан боғлиқ 1000 дан ортиқ ҳолат аниқланган.
COVID-19 бўйича ЖССТнинг махсус вакили Дэвид Набарро ушбу янги тур тез тарқалиш хусусиятига эгалиги, лекин хавфлилик даражаси юқори эмаслигини айтганди.
Коронавируснинг янги тури аниқлангани сабабли Лондонда 16 декабрдан энг юқори карантин чекловлари жорий қилинди.
Изоҳ (0)