Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўз маҳалласи ерини сотмоқчи бўлган маҳалла раиси 10 000 доллар билан ушланди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ИИББ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан фуқаро аризасига асосан 27 ноябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, Янгийўл тумани, «Обод» МФЙ раиси лавозимида ишловчи, 1954 йилда туғилган Э.М. ушбу МФЙ биносида ариза муаллифи R.T.дан 8 сотих ноқонуний ер учун (ҳар бир сотих 1250 доллардан) талаб қилган жами 10 000 доллар миқдоридаги пулларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. У фуқарога 2004 йил ҳисобидан эски қарор тайёрлаб беришни ваъда қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Э.М. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.