Сурхондарё вилояти Музрабод туманида тепловоз темир йўл кесишмасига чиқиб қолган Matiz автомобилини уриб юбориши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 10 декабрь куни соат 13:30 ларда Музработ тумани «Ат-Термизий» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R102 автомобиль йўлининг 43-километрида тепловоз Matiz’ни уриб юборган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси темир йўл кесишмасида содир этилган бўлиб, ҳайдовчи машинани темир йўл кесишмаси ўртасига келиб ўчириб қўйган. Тепловоз ҳайдовчисининг берган сигналларига қарамай, машина жойидан силжимаган. Содир бўлган ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори Б.Эргашев тепловоз иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлгани, бахтсиз ҳодиса туфайли вилоят прокурори ўринбосари Х.Куллиев тан жароҳати олгани тўғрисида хабар берилганди.